Болалар Ижодкорлиги Ижодий Бирлашмаси UPOP TREND миллий шоу-танлови кастинги иштирокчиларидан нималарни кутаётганини маълум қилди. Кутилмалар «Сиз тренддасиз» ва «Сиз трендда эмассиз» деган қисқа қоидалар шаклида баён этилган.
Биринчи қоида ижро ҳақида. Қўшиқни техник жиҳатдан тўғри, аммо ҳиссиётсиз куйлаш етарли эмас: кастингда бетакрор характерга эга бўлган ва қўшиқнинг таъсирчанлигини тингловчига етказа оладиган ижрочилар кутилади.
Миллийликни фақат анъанавий либос ёки ташқи кўриниш билан ифодалаш ҳам камлик қилади. Ташкилотчилар миллий руҳни ўз услуби, характери ва дунёқараши орқали намоён эта оладиган иштирокчиларни изламоқда.
Миллий-маданий меросга фақат ўтмиш сифатида қараш лойиҳа руҳига мос келмайди. Аждодлардан қолган қадрият ва анъаналарни янги авлодга мос тарзда қайта талқин қила олиш эса UPOP TREND иштирокчисининг асосий фазилатларидан бири ҳисобланади.
Ниҳоят, хато қилишдан қўрқиш ва ҳакамлар қаршисида тортиниш ортда қолиши керак. Кастингда таваккал қилишга, тажрибалар ўтказишга ва саҳнани «ёндиришга» тайёр иштирокчилар кутилмоқда.
UPOP TREND миллий мусиқий мерос, фолклор санъати ва анъанавий рақсларни замонавий мусиқа, юқори технологиялар ва мода билан бирлаштирадиган шоу-танловдир. Лойиҳа Болалар Ижодкорлиги Ижодий Бирлашмаси томонидан йўлга қўйилмоқда.












